Янгиликлар
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Якка тартибдаги тадбиркор Акбаров Азизхон Алишеровичнинг 2021 йил 3 февралда Youtube каналидаги «Негатив» кўрсатувининг 161-сонида «Адлия идораси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган компьютерни менсимади» номли Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга видеомурожаати бўйича
Р А С М И Й М У Н О С А Б А Т
Якка тартибдаги тадбиркор Акбаров Азизхон Алишерович 2021 йил 3 февралда ўзининг Youtube каналидаги саҳифасида “Navoi adliya boshqarmasi pora talab qilmoqchimi” номли видеомурожаатини эълон қилди.
Кейинчалик ушбу видеомурожаат "Негатив" кўрсатувининг 161-сонида "Адлия идораси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган компьютерни менсимади" номи билан қайта эълон қилинди.
Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан 2020 йил 4 ноябрда 19 дона компьютер жамланмасини (ҳар бири 7 424 000 сўмдан жами 141 056 000 сўм) харид қилиш мақсадида dxarid.uzex.uz аукцион сайтига эълон жойлаштирилган.
Эълонда компьютер жамланмаси, яъни процессор, хотира, монитор, матрица, ранги, лицензияланган Windows дастури, ранги ва бошқаларга қўйилган талаблар (параметрлар) жойлаштирилган (муайян бир брэнд остидаги компьютерга оид талаблар қўйилмаган).
Электрон аукцион натижасига кўра 2020 йил 9 ноябрь куни якка тартибдаги тадбиркор Акбаров Азизхон Алишерович ва адлия бошқармаси ўртасида 19 дона компьютер жамланмасининг ҳар бирини 6 681 600 сўмдан жами 126 950 400 сўмга етказиб бериш бўйича 4766087-сон шартнома тузилган.
Шартнома шартига кўра, тадбиркор маҳсулотни 5 иш кунида етказиб берилиши лозим бўлсада, шу вақт оралиғида тадбиркор томонидан нафақат шартномавий мажбурият, балки компьютер жамланмалари бўйича биронта ҳам таклиф тақдим қилинмаган.
Шундан сўнг адлия бошқармаси томонидан 2020 йил 16 ноябрь куни тадбиркорга шартнома мажбуриятларини бажариш ҳақида 1-18/3-8/87-сон талабнома юборилган, ушбу талабномага тадбиркор томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.
Тадбиркор билан бир неча маротаба телефон орқали мулоқот қилинган, шартнома шартлари бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилган, маҳсулот етказиб бериш учун қўшимча муддатлар берилган бўлишига қарамасдан тадбиркор томонидан шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган.
Шу сабабли, адлия бошқармаси томонидан такроран 2021 йил 11 январь куни
1-18/3-8/6-сон талабнома юборилган, лекин шунда ҳам тадбиркор томонидан маҳсулотлар етказиб берилмаган.
Ваҳолангки, тадбиркор билан тузилган шартноманинг 4.1-бандида тарафлар томонидан шартнома шартларининг бузилиши ёки бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши, 5.1 ва 5.2-бандларида шартномавий мажбуриятларни бажаришда келиб чиққан низолар дастлаб талабнома киритиш орқали, шунда ҳам келишувга эришилмаган тақдирда низолар даъвогар жойлашган жойдаги судга мурожаат қилиши орқали ҳал этиши белгиланган.
Шунга кўра, адлия бошқармаси томонидан 2021 йил 20 январь куни Кармана туманлараро иқтисодий судига неустойкани ундириш ва шартномани бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси киритилган.
Суднинг 2021 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарори билан адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси иккинчи қисмига асосан интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилганлик БҲМнинг
200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш жазосига сабаб бўлади.
Навоий вилояти адлия бошқармаси ахборот хизмати
Ижтимоий тармоқлардаги манзиллар:
Telegramдаги расмий саҳифаси: t.me/Navoiy_adliya
Facebook тармоғидаги расмий саҳифаси: htps://www.facebook.com/groups/537051263317134/?ref=groups_header
Мурожаат учун:
Telegram-bot: @Adliya_onlayn_bot
Расмий веб-сайт: navoi.adliya.uz