Янгиликлар
АЁЛЛАР МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ АДЛИЯ ЭЪТИБОРИДА
Хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида.Тарихга назар ташласак, аёллар ҳуқуқлари ҳақида биринчилардан бўлиб жадидлар сўз оча бошлаганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, жадидларнинг таниқли вакилларидан бири Тавалло қизларнинг ўз отасига билим олишга рухсат сўраш мазмунидаги мактуби шаклида шеър ёзади. Шундан сўнг, янги усул мактабларида қизлар учун ҳам синфлар ташкил қилинади.
Бугунги кунда хотин-қизларнинг таълим олишидан тортиб, сиёсий- ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, барча жабҳаларда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишда 10 дан ортиқ қонун хужжатларининг қабул қилингани жамиятда хотин-қизлар мавқейининг ошишига хизмат қилмоқда. Сир эмаски мамлакатимизда ташаббускор, фаолияти ортидан ютуқларга сазавор бўлиб келаётган хотин-қизлар ниҳоятда кўп. Аммо, “беш қўл баробар эмас”. Ҳар бир ҳудудда ижтимоий аҳволи оғир, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож аёллар топилади Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳар бир туманда ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, вилоят бўйича “аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатга муҳтож жами 358 нафар хотин-қизлар билан уйма-уй юриб, учрашувлар ўтказилди.
Ўтказилган мулоқотлар давомида хотин-қизларнинг 185 нафарида моддий ёрдам ажратиш, 35 нафарида доимий иш билан таъминлаш, 14 нафарида оилавий низолар ва пенсия таъминоти, 12 нафарида имтиёзли кредит ажратиш, 10 нафарида суд қарорларидан норозилик ва ногиронликни белгилаш, 9 нафарида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, 8 нафарида уй-жой билан боғлиқ масалалар, 4 нафарида фарзандликка олиш, 3 нафарида субсидия, 2 нафарида ер участкаси ажратиш ҳамда суд қарорлари ижроси ва иш ҳақи ундириш каби ҳуқуқий муммаолари мавжудлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳлар томонидан кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида ушбу ҳуқуқий муаммоларнинг
- 148 таси қаноатлантирилди;
- 109 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди;
- 44 таси қўшимча хужжатларни ўрганиш талаб қилинганлиги сабабли адлия органлари томонидан иш юритувига қабул қилинди;
- 29 таси бўйича ваколатли давлат органига кўрсатма берилди.
Хусусан, Нурота туманининг “Эшон Судур” маҳалласида истиқомат қиладиган Эсаной Шодиеванинг мурожаатига кўра, оиласида 14 ёшгача бўлган фарзандлари борлиги инобатга олиниб, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий нафақа тайинланди. Шунингдек, Э.Шодиеванинг 18 ёшдан ошган фарзандини иш билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди.