Фозилова Малика Абдуллаевна - Навоий вилоятида адлия органлари ташкил этилган дастлабки кунлардан мана шу тизимда фаолият юрита бошлаган. Бу 1970-1971 йиллар оралиғига тўғри келади.
М.Фозилова, 1948 йилда Тожикистон Республикасининг Регар шаҳрида таваллуд топган. Ҳуқуқшунослик унга ота мерос касб ҳисобланади. Фаолиятининг илк даврларидан нафақага чиққунга қадар адлия органлари, суд-ҳуқуқ тизимида фаолият олиб борди. Бу 48 йиллик меҳнат стажи дегани. Шунингдек, Малика опанинг турумш ўртоғи А.Фозилов ҳам ана шу тизимнинг вакили эди. А.Фозилов ўз фаолияти давомида Навоий вилоят адлия бошқармасининг биринчи бошлиғи бўлган.
- Мен ҳам турмуш ўртоғим ҳам профессионал фаолиятимизни адлия органларидан бошлаганмиз, У пайтлар адлия бошқармаси шаҳардаги кичик бир дорихона учун мўлжалланган бинонинг биринчи қаватида жойлашган эди. Иккинчи қаватида эса суд вакиллари ўтиришарди. Дастлаб хонада ҳатто стол ҳам бўлмаган. Ўша кезларда турли вилоятлар ва ташкилотлардан ёрдам олиб моддий-техник базани шакллантирганмиз -дейди М.Фозилова.
Малика опанинг эслашича, 2004 йилгача уларнинг хонадонида ҳатто оила даврасидаги суҳбатлар ҳам қонунчилик билан боғлиқ бўлган. Ҳозирда фарзандлар ота-оналарининг фаолиятини ғурур ва яхши хотиралар билан эслашади. Олти нафар фарзанддан 3 нафари оилавий анъанани давом эттириб, ҳуқуқшунослик йўлини танлаган.
Навоий вилоят адлия бошқармаси жамоаси М.Фозиловани яқинлашиб келаётган “9 май - Хотира ва қадрлаш куни” билан самимий қутлаб, унга сиҳат-саломатлик тилайди!