Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Миллатлараро тотувлик – тинчлик асосидир


Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

Барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган жонажон юртимизда турли миллат вакилларининг тинч ва тотув истиқомат қилаётгани, ягона Ватан тушунчасининг қалбларда ҳукмрон экани мамлакатимиз мустақиллигининг, тараққиётининг муҳим гарови бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидланганидек, биз энг катта бойлигимиз бўлмиш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг энг устувор вазифамиз сифатида кўрамиз.

Навоий вилоятида турли миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил, тотув яшаб келади. 9 миллий маданий марказлар томонидан ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган ишлар бу ерда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Маҳаллаларда, маданият саройлари, таълим муассасаларида ташкил этилаётган турли тадбирлар самарасида миллатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти мудири Акмал Асатов. – Бугунги кунга қадар элликка яқин ана шундай учрашув ва фестиваллар, давра суҳбатлари ўтказилди.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган маданият ва дўстлик фестивалида вилоятдаги турли миллат вакилларининг катта тайёргарлик ва зўр иштиёқ билан иштирок этиши таҳсинга лойиқ. Фестивалда ўз анъана ва миллий урф-одатларини кенг тараннум этиш асносида, барчамиз учун ягона бўлган Ватанимизни улуғловчи куй-қўшиқлар баралла янграйди. “Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила”, “Кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистон” номли кўргазмаларнинг доимий равишда ташкил этилиши маданият ва анъаналарни янада ривожлантириш, ёшлар онгида уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ҳиссини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. “Ёшларни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашда миллий маданий марказлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзуидаги давра суҳбати ва бошқа қатор учрашув ҳамда тадбирларнинг самараси юқори бўлаётир.

Обод турмуш йилида миллий маданий марказлар ва жамоат ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, марказлар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Обод турмушни шакллантиришда миллий ва маънавий қадриятларнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий семинарларнинг тизимли равишда ўтказиб келинаётгани миллий маданий марказлар фаолиятини ўрганиш, уларга кўмак бериш ва қўллаб-қувватлаш, келгусидаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим омил бўлаётир. Семинар ва учрашувларда марказлар томонидан турли миллат вакиллари ва улғайиб келаётган ёш авлодни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, қадрият ва анъаналарга муҳаббат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ватанимизнинг тинчлиги, хавфсизлиги, келажак тараққиёти ва фаровонлиги турли дин ва миллатга мансуб фуқароларнинг маънавий юксаклик даражасига, уларнинг ўзаро тотувлиги ҳамда ҳамжиҳатлигига боғлиқдир. Зеро, давлатимиз раҳбари истиқлолимизнинг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидлаганидек, мустақиллик деганда, унинг маъно-мазмунини биз аввало ҳуқуқ деб қабул қиламиз. Мустақилликка эришиш – бу ўз тақдиримизни қўлимизга олиб, юртимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлиш, биз қандай улуғ тарих, маданият ва маънавиятга эга эканимизни, ўзлигимизни чуқур англаб, беқиёс салоҳиятимизни ишга солиш, қадриятларимизни, дину диёнатимизни тиклаш каби буюк ва муқаддас бурчимизни амалга оширишдир.

Шу мақсадда бугунги кунда миллий маданий марказлар ва маҳаллалар, таълим муассасалари ва бошқа жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш жадал амалга оширилаётир.

Марказлар қошида миллий ҳунармандчилик ва санъат тўгаракларининг ташкил этилгани, улар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор турли миллат вакилларининг ўз анъана ва урф-одатларини асраб-авайлашда муҳим омил бўлмоқда.