Янгиликлар
Навоийнинг фахрий фуқаролари
Навоий шаҳри бу йил 55 ёшга тўлди. Ўтган йиллар давомида шаҳар ҳаётида кўплаб унутилмас воқеалар юз берди. Хусусан, Навоий шаҳар ҳокимининг 2006 йил 19 январдаги тегишли қарори билан "Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси" унвони таъсис этилди.
Бугунги кунда ушбу унвонга сазовор бўлганлар сони 60 нафардан ошди. Улар орасида нафақат навоийликлар, балки чет эллик фан ва таълим намояндалари ҳам бор. Жумладан, Алишер Навоий ижодини ўрганиш борасида илмий изланишлар олиб борган, буюк бобомиз асарларини япон тилига таржима қилиб, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги адабий, маданий алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган япониялик файласуф, профессор Дайсаку Икеда ҳам бор.
Шунингдек, "Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси" унвонига сазовор бўлганлар орасида фан докторлари ва номзодлари, йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, шаҳар ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган турли касб эгалари бор.