Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Депутатлар қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар иккинчи ўқишда бир қатор қонун лойиҳаларини, жумладан, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ва “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис чоғида таъкидландики, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, шу жумладан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали, кўп поғонали тизими яратилди, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш, вояга етмаганлар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судлар ва бошқа муассасаларда ҳимоя қилиш ишлари йўлга қўйилган.

Депутатларнинг фикрича, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, шу жумладан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга, ушбу соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, васийлик ва ҳомийлик органлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг чегараларини белгилашга, ўзига васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар мулкини сақлаш ва бошқариш масалаларини тартибга солишга қаратилган.

Унда асосий тушунчалар, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишлари, принциплари, давлат органларининг вазифалари ҳамда ваколатлари белгилаб қўйилмоқда, васий ва ҳомий тайинлашнинг мукаммал тартиби ўрнатилмоқда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатлари кучайтирилмоқда, уларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда.

“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси амалдаги ҳуқуқий нормаларни янги қонун ҳужжатига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди. Оила кодексига киритилаётган тузатишлар васийлик ва ҳомийлик механизмларини ривожлантиришга, етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашади.

Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши мамлакатимизда васийлик ва ҳомийлик тизимининг такомиллаштирилишига, ушбу соҳада фаолият олиб борувчи идоралар ва муассасалар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу механизмларнинг такомиллаштирилиши васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг барча тоифалари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган “Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат органи ташкил этилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кун тартибидаги кейинги масала бўлди. Янги қўмитанинг ташкил этилганлиги, қўмита зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича қўмита ва унинг ҳудудий органлари давлат божи тўлашдан озод этилаётганлиги муносабати билан амалдаги бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тузатишлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси бўйича партия дастурларига мувофиқ ва сайловчилар фикрларини инобатга олган ҳолда ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Депутатлар васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат бошқаруви соҳасини бундан буён ҳам такомиллаштириш учун кўриб чиқилган қонун ҳужжатларининг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик 
палатасининг Ахборот хизмати