Янгиликлар
Инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият
Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан, жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабрь кунига қадар “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият” мавзусида ҳуқуқий саводхонлик ойлиги доирасида кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар иштирокида бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида мазкур сана муносабати билан анжуман ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, 1992 йил 8 декабрь куни Ҳамдўстлик давлатлари орасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ўз Конституциясини қабул қилди. Бу мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштириш, қолаверса, мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Сўзга чиққанлар хорижий тажриба ва миллий амалиёт асосида ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда яшовчи халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиришини, шу маънода Конституцияни халқнинг сиёсий донолиги ҳамда тафаккури маҳсули эканлигини қайд этишди. Конституциямизнинг халқчиллигини унинг лойиҳаси устида икки йилга яқин давомида ишланганлиги ва икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, халқимизнинг фикри асосида бойитилганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Конституция демократия ва қонунийликни таъминлаш, халқаро ҳуқуқнинг жаҳонда эътироф этилган норма ва принципларини тан олиш, инсонпарвар ҳуқуқий жамият барпо этиш каби олижаноб мақсадлар йўлида қабул қилинди. Конституция жамиятда демократиянинг ривожланиши ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг, шунингдек мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни ислоҳ этиш йўналишида мамлакатимизни демократик йўлдан тараққий эттиришнинг ҳуқуқий кафолатидир.
Мамлакатимизда Конституция асосида амалга оширилаётган ислоҳотларининг натижалари бугун халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Хусусан, давра суҳбатида иштирок этган ҳуқуқшунос олимлар ва экспертлар республикамизда олиб борилаётган Асосий қонунимиз негизидаги туб ислоҳотларнинг кўлами, мазкур йўналишда қўлга киритилган ижобий ютуқлар ва келгусида амалга ошириладиган вазифаларнинг ечимлари ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини баён этдилар.
Президентимиз томонидан 2010 йил 12 ноябрда эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қабул қилиниши назарда тутилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам айнан Конституцияда белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилганлигини бугун нафақат жамоатчилигимиз, балки, халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.
Анжуман иштирокчилари мамлакатимиз конституциясини тарғиб қилиш тарғибот ва ташвиқот ишларининг асосини ташкил этмоғи лозимлигини яна бир бор таъкидладилар.
Тадбир сўнгида унинг иштирокчилари мустақил Ўзбекистонимиз конституциясининг мазмун моҳиятини аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида доимий кенг тарғиб этиш борасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишиб олдилар.