Янгиликлар
Сенаторлар Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун Олий Мажлис Сенати томонидан томонидан маъқулланди.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ–6257-сон Фармонининг 5-банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Қонунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- “манафаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқ таъриф берилиб, ушбу вазият кимлар ўртасида ва қачон вужудга келиши мумкинлиги тўғрисида аниқ кўрсатиб ўтилмоқда;
- давлат ташкилоти ходимлари иш фаолиятида уларнинг яқин қариндошлари, уларга ва уларнинг яқин қариндошларига алоқадор шахслар (юридик шахслар) билан манфаатлар тўқнашувини олдини олишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда;
- манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш бўйича амалга ошириши лозим бўлган чоралар белгиланмоқда;
- манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат ташкилоти ходимларига қуйидаги чекловлар белгиланмоқда:
· ўзи ишлаётган давлат ташкилоти назорат қиладиган тижорат ташкилотларида улушга ўзи ёки яқин қариндошлари эгалик қилиши;
· тижорат ташкилотларининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлиш, бундан акциядорлик жамиятларининг оммавий муомалада бўлган 10 фоизигача акцияларига эгалик қилиш мустасно ўзи ишлаётган давлат ташкилотида ўзининг, яқин қариндошлари ёки унга алоқадор шахсларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиш ва бошқалар.
Шунингдек, давлат ташкилоти ходимининг яқин қариндошлари ва унга алоқадор бўлган шахслар мазкур ходимнинг меҳнат қилаётган ташкилоти билан ҳуқуқий муносабатга киришаётганида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши лозимлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганликнинг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда. Хусусан:
- манфаатлар тўқнашувини маълум қилмаслик ёки унинг тартибга солинмаганлиги учун интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун асослар белгиланмоқда.
- Қонун ишлаб чиқишда мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг (Чехия, Латвия, Хорватия, Франция, Грузия, Канада, Молдова ва бошқалар) амалиёти ҳамда халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ўрганилган.