Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида адлия органлари ва муассасалари томонидан 2013 йилда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш йўналишида амалга оширилган ишлар ва жорий йилда қилиниши лозим бўлган вазифаларга бағишланган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.DSC01019.JPG

Мажлисда Адлия вазири Н.Йўлдошев таъкидлаганидек, вазирликнинг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш вазифасидан келиб чиққан ҳолда ўтган йилда 56 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 12 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. 1081 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, маҳаллий давлат ҳокимият органларининг 1334 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан, 403 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қонун ижодкорлиги фаолияти самараси натижасида жумладан, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ижроси доирасида ишлаб чиқилган, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, “Умумий овқатланиш ва қурилиш соҳасидаги корхоналарда ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини оптималлаштириш тўғрисида”ги, “Суғурталовчиларнинг суғурта захиралари тўғрисида”ги Низомларга тегишли ўзгартишлар киритилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш фаолиятини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Адлия органлари ва муассаслари фаолиятида иш юритиш, ҳужжатлар ижросини назорат қилиш тартиби, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қоидалари ва бошқа бир қатор ҳуқуқий нормалар фаолиятга татбиқ этилмоқда, бундан ташқари тизимда электрон ҳужжат алмашинуви тизимининг жорий этилгани ижро интизоми мониторингини олиб бориш ишлари самарасини оширишга хизмат қилмоқда.

Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш борасида марказий ва маҳаллий даражадаги давлат тузилмаларида 16 та назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди.

Тадбиркорлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида ўтказилган текширишлар натижаси бўйича киритилган таъсир чораларига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 4 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлари ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди.

Аҳоли учун тегишли шарт-шароитлар ва қулайликлар яратиш заруриятидан келиб чиқиб бир қатор вилоятларда нотариат иш юкламалари қайтадан кўриб чиқилди.

Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига асосан, юксак мақомга эга бўлган Тошкент давлат юридик университетида таълим сифатини оширишга қаратилган ўқув дастурларини қайта ишлаб чиқиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мажлисда қилинган ижобий ишлар билан бирга айрим адлия органлари ва муассасалари томонидан фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кескин танқид қилинди, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.DSC01018.JPG

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим иқтисодий йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда жорий йилда адлия органлари ва муассаслари олдида турган муҳим вазифалар, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар манфаатида судларга даъво аризалар киритиш сифатини ошириш масалалари устувор аҳамият касб этиши қайд этилди. Бу борада айрим ҳудудий адлия органларининг фаолиятида учраётган камчиликлар муҳокама этилиб уларни бартараф этиш юзасидан қилиниши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинди.

Ҳайъат мажлисида шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, улар фаолиятига айрим назорат органлари томонидан ноқонуний аралашувларнинг кескин олдини олиш, қишлоқ мулкдорлари бўлган фермерлар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, суд ижро ҳужжатлари бўйича ундирувлар самарадорлигини ошириш, аҳолига юридик хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлашга қаратилган қарор қабул қилинди.