Янгиликлар
Ҳуқуқий экспертиза самаралари
Навоий шаҳрида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини амалга ошириш жараёнлари” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллиштириш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида ҳудуддаги барча корхона ва муассасалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади. Ана шу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси адлия органлари томонидан амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини самарали ташкил этишга, норматив ҳужжатларнинг қонунчилик талабларига жавоб беришига ҳамда юзага келиши мумкин бўлган турли номувофиқликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив ҳужжатлар қабул қилиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда адлия органлари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, вилоят адлия бошқармасининг норматив хусусиятга эга қарорлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасидаги фаолияти устидан олиб борилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.