Янгиликлар
Нотариус кундалиги
Об-ҳаво “ёндираман” деган кунларнинг бирида нотариус хизмати олиш учун 70 ёшлардаги онахон келдилар. Албатта аяни олдида набиралари ҳам бор. Бироз дам олиб, нотариус хизматига эҳтиёжлари борлигини айтдилар. Аввалига невараси онахонга кузатувчи деб ўйлагандим, аммо йўқ, кейинчалик йигитчанинг дарди бошқа эканлиги маълум бўлди. Кун иссиғидан нолиб, ҳол аҳвол сўрашган онахон мақсадларидан сўз очдилар
- Бобойимдан қолган ҳовли бор, шуни кўзим тириклигида “эгасига топширсам” дегандим, дея сўз бошлади онахон.
- Беринг холажон ҳужжатларни, дея кўз югуртирдим.
- Манга худойим меросхўр бермади, яккаю ягона қизимни ўғлига ҳовлини қолдирмоқчиман, деди онахон
Ҳужжатларда онахоннинг қизи бир нафар деб берилган, аммо йигитчанинг онасини исми бошқа бўлгани учун мақсад моҳиятини англаган бўлдим.
- Аяжон чинданам қизингиз биттами ёки яна борми?
Мурожаатчи аяни архив ҳужжатларини кўтарсак ҳаммаси очиқланишидан огоҳлантирдим. Онахон юз-кўзидаги ҳолат ўзгарди, бир зумда саросимага тушди.
-Тўғрисини айтсам нима бўлади, деди ая. Онахоннинг тўрт нафар қизи борлиги, ҳаммаси уйли жойли эканлиги айтиб, агар ўғли бўлганида шу ҳовли меросхўрига қолиши, нотариусга келиб овора бўлмаслигини таъкидлади, қўйди.
Шунда мурожаатчи аяга ҳуқуқий тушунча бердим. Аввало меросхўрим йўқ, дейишингиз ноўрин. Қиз фарзанд ҳам мерос олишга ҳақли эканлигини мурожаатчига англатдим. Шу ўринда онахоннинг вазиятида ҳовлининг тенг ярми онахонга тегишли. Бироқ, уй марҳум турмуш ўртоғининг номида бўлгани учун ҳовлининг тенг иккинчи ярмига барча қизларининг ҳам бирдай улуши мавжудлигини, мерос ворислигига барча фарзандларининг ҳаққи борлигини тушунтирдим. Буви ва невара “....қизлардан розилик керак эканку”, дея идорадан чиқиб кетишди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка Ўзбекистон Республикаси Фукаролик кодексига асосан навбат тартибида чақириладилар. Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Қонунчиликка мувофиқ, мерос ҳуқуқи – мулкка нисбатан ворисликдир, ворисликнинг эса васият ва қонун бўйича амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида кўрсатиб ўтилган. Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида ворислик ҳақида алохида бўлим ажратилган бўлиб, мерос билан боғлиқ низолар, асосан, қон-қариндош бўлган ота (она) ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ворислар ўртасида юзага келади ва бунга асосан уларнинг амалдаги қонун нормаларини билмаслиги ва бири бошқасининг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлади. Мерос мулкини тақсимлашда ворислар ўзаро келишганлари энг мақбул ечим ҳисобланади. Чунки, низолашиш (суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам) ворислар ўртасидаги ўзаро яқинлик муносабатларига, меҳр-оқибатга путур етказади.
Лариса Норбўтаева.
Навоий шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.