Янгиликлар
Аёлларга эътибор
Навоий шаҳридаги "Матбуот уйи"да Президентимизнинг "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига бағишлаб тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Анора Бобомуродова, шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Оила" маркази раҳбарлари, МФЙ маслаҳатчилари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга кенг эътибор қаратилаётганини фахр билан эътироф этди. Жумладан, юртимизда ўтган 23 йил давомида аёлларни ҳимоялашга қаратилган 80 га яқин миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилингани, уларда аёлларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва эркинликлари мустаҳкамланиб, парламентга бўладиган сайловларда депутатликка номзодлар кўрсатилиш жараёнида хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота жорий этилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, оилаларнинг мустаҳкамлигида фарзандлар тарбияси муҳимлиги, бунда маҳалла, таълим муассасаси, оила ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутиши хусусида мулоҳазалар билдирилди. Ёшларга соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни оммавий маданият таъсиридан асраш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, қонуний никоҳдан ўтиш ҳам долзарб мавзу сифатида тилга олинди. Бу борада МФЙ маслаҳатчиларининг фаоллигини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол аёллар хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномалари билан тақдирланди.