Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида


10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Мажлис сил касаллигининг олдини олиш ва уни даволашга оид фаолиятни янада такомиллаштириш, аҳоли ўртасида бундай касалликка чалинишни камайтириш, беморларнинг даволанишдан бош тортиши ҳолларига барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган “Силнинг олдини олиш ва уни даволашга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бошланди.

Шундан сўнг парламентнинг қуйи палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлда қабул қилинган “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4453-сонли фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Муҳокама чоғида шу нарса таъкидландики, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, лицензияланадиган ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш мақсадида тегишли лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бекор қилишга қаратилган.

Шунингдек, мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги ПҚ–1438-сонли қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январда қабул қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг устувор йўналишларини демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф–3557-сонли фармойишига мувофиқ тайёрланган “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Депутатларнинг фикрига кўра, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аудиторлик фаолиятини халқаро принциплар ва андозаларга мувофиқ янада такомиллаштиришга, шунингдек, аудиторлик текширувларининг ролини оширишга хизмат қилади.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4455-сонли фармонига мувофиқ, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар ва муҳокама қилдилар.

Мажлис давомида депутатлар мазкур ҳужжат ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш мақсадида мамлакатимизнинг меҳнатга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Ўзбекистондаги корхоналарнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти, шунингдек, меҳнат муносабатларини қонун йўли билан тартибга солишнинг халқаро тажрибаси ҳисобга олинган.

Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари ўз саволлари ва таклиф-мулоҳазалари билан сўзга чиқдилар. Улар партия дастурлари ва сайловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Депутатлар кўриб чиқилган қонунларнинг мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқаролар соғлиғини сақлаш борасидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Қонунчилик палатаси юқорида кўрсатиб ўтилган барча қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқуллади ва бу ҳужжатларни депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмиталарга қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.