Bog'lanish

Telefon
79-220-79-22

Elektron manzil
navoiy@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларни қабул қилиш техникаси: амалиёт ва тажриба


Норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларни қабул қилиш техникаси: амалиёт ва тажриба


Биз биламизки, Норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат саналади.

Қонуннинг асосий вазифалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчасини, турларини, ўзаро нисбатини аниқлашдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибига ва уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талабларни белгилашдан, шунингдек уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлашдан иборатдир.
Қонун талабига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар ҳисобланишади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам турларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси; Ўзбекистон Республикасининг қонунлари; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари; вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига бўлинади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатлари саналиб, улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлардир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатлари саналади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Қонуннинг 14-моддаси маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ҳақида бўлиб, мазкур модда билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколати доирасида қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши белгилаб қўйилган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.
Қонун талаби бўйича турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Шунингдек, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирликнинг, давлат қўмитасининг ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил даражадаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлади.
Қонуннинг 18-моддасига асосан Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, лойиҳани тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилишни; лойиҳа тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлашни; зарур материаллар ва ахборот тўплашни; лойиҳанинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хатини ишлаб чиқишни; лойиҳани тузишни; ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказишни ўз ичига олади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун лойиҳани ишлаб чиқаётган ташкилот (бундан буён матнда ишлаб чиқувчи деб юритилади) томонидан ишчи гуруҳ (комиссия) тузилиши мумкин. Ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига ишлаб чиқувчининг тегишли бўлинмаларининг, тегишли тармоқлар ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ёки идораларнинг, бошқа манфаатдор давлат органларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин. Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар ўз розилиги билан ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига киритилади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда ишлаб чиқувчи қонун ҳужжатларининг ҳолатини, лойиҳани тартибга солиш предмети бўйича қўлланилиш амалиётини ўрганади; ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ҳамда шароитларни аниқлайди; давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек айрим фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ҳамда улардан фойдаланади; халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳисобга олади, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибасини ўрганади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, экологик, коррупцияга қарши экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкин.
Экспертлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин. Экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига баҳо беришда мустақилдирлар ва улар экспертиза ўтказишни топширган органнинг нуқтаи назари билан боғлиқ бўлмайди. Экспертларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича хулосалари тавсия хусусиятига эга ва ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган томонидан кўриб чиқилиши керак. Хулосанинг инобатга олинмаган бандлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берган ҳолда маълумотнома тайёрланади.
Ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси тегишли адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлилини ҳам амалга оширади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонун, «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги услубий кўрсатмалар (рўйхат рақами 2352, 09.04.2012 й.), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сон қарори билан тасдиқланган «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги низом, «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари» (рўйхат рақами 2565, 28.02.2014 й.) ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома (рўйхат рақами 2420, 01.02.2013 й.) ларга мурожаат қилинади.
Қонуннинг 23-моддасига кўра, тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича хулосаси ва тушунтириш хати билан киритилиб, унда ҳужжатни қабул қилишнинг зарурлиги асосланади, ишлаб чиқувчилар кўрсатилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунининг қисқача тавсифи берилади, лойиҳа келишилган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг рўйхати келтирилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича келишмовчиликларнинг мазмуни ҳамда улар ҳақидаги асослантирилган фикр қисқача баён этилади. Зарурат бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига уни асослаш учун молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар илова қилинади. Ишлаб чиқувчи қонун лойиҳасини киритаётганда халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёсий жадвалларни тайёрлаши шарт.
Қонун талаби бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилган, эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилмаган бўлиши керак. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда уни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситалари, шу жумладан молиялаштириш манбалари, рағбатлантириш, мукофотлаш ва назорат қилиш чора-тадбирлари кўрсатилиши мумкин. Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг мажбуриятларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ушбу мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари, агар бундай чоралар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлса ёки алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмаслиги керак бўлса, назарда тутилиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар кўринишида баён этилади. Моддалар қисмларга ажратилиши мумкин. Моддаларнинг қисмлари бандлар, кичик бандлар ва хатбошиларни қамраб олиши мумкин. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган бандлар тарзида баён этилади. Бандлар кичик бандлар ва хатбошиларга ажратилиши мумкин.
Ҳажм жиҳатидан йирик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунан яқин бўлган моддалари (бандлари) параграфлар ва бобларга бирлаштирилади. Зарур ҳолларда боблар бўлимларга ва кичик бўлимларга бирлаштирилиши мумкин. Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфлар сарлавҳаларга эга бўлади ҳамда рақамланади. Зарур ҳолларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юридик, техник ва бошқа махсус атамалар ҳамда тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умум қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади. Зарур ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг айрим қоидалари мазкур ҳужжатга ҳавола қилинган ҳолда айнан такрорланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий нормалари қайта айнан такрорланмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилинганидан кейин уларнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини ташкил этиш учун масъул бўлган аниқ давлат органлари кўрсатилади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
Қонуннинг 41-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш борасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, унга кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади; норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг тарқатилишини таъминлайди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича бошқа ташкилотлар билан биргаликда зарур тушунтириш ишларини ташкил этади; тегишли давлат органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш бўйича ишларини мувофиқлаштиради ва йўналтиради; норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, қонун ҳужжатларининг қўлланилиши амалиётини ўрганади ва, зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади; белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритади.
Конимех тумани адлия бўлими томонидан туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
Жумладан, 2018 йилнинг 2-ярим йиллигида туман ҳокимининг 2 та, 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида 3 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари лойиҳаси ўрганилиб қабул қилиниши қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар берилган.
Туман ҳокимлиги томонидан 2018 йил 25 июль куни “Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб беришлик учун юборилган.
Мазкур қарор лойиҳаси адлия бўлими томонидан ўрганилаётган бир вақтда, қарор Конимех туманида фаолият юритиб келаётган “Кенимех таны” газетасининг 2018 йил 27 июлдаги 22 (8097)-сонида туман ҳокимининг 2018 йил 19 июл куни
Қ-507-сон билан қабул қилинганлиги тўғрисида эълон чоп этилганлиги аниқланган.
Бунинг оқибатида газета масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар талабларига зид равишда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги текширилмасдан маълумотларни чоп этилишига йўл қўйилганлиги маълум бўлган.
Шу сабабли, туман адлия бўлими томонидан 2018 йил 30 июль куни туман ҳокимлигига Кенимех таны газетасининг 22 (8097)-сонида чоп этилган “Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқилишига тузатиш киритиш тўғрисида тақдимнома киритилган.
Шунингдек, Конимех туман ҳокимлиги томонидан “Туман ҳудудидаги хўжаликлараро ва ички канал ҳамда зовурлар сувини муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқ бўйи минтақаларини белгилаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилмасдан келинаётганлиги сабабли, ушбу қарор лойиҳасини тақдим этишни сўраб 2019 йил 3 апрель куни туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган. Натижада, мазкур қарор лойиҳаси туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилиб ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши таъминланган.

Конимех туман адлия  бўлими
 бош маслаҳатчиси О.Султонов