Боғланиш

Телефон
(0 436) 223-01-38

Электрон манзил
navoi@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

13

#Cўрангжавобберамиз


#Cўрангжавобберамиз

Сўнгги пайтларда транспорт воситаларининг давлат рақамлари ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарлик  учун қандай жавобгарлик белгиланган?” 

Корхона, муассасалар, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, шунингдек автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, худди шунингдек уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш, уларни яшириш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилганлиги ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 5-бўлим 15-бобининг 227-моддасини 1-қисмида жавобгарлик белгиланган. Мазкур модданинг 1-қисмида юқорида кўрсатиб ўтилган жиноятни содир этганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан боғлиқ жазо турлари қўлланилиши кўрсатиб ўтилган.

 

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувохномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш тартиби, бунинг учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади ва қандай тўлов ставкаси белгиланган?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) томонидан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалар берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга берилади. Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш учун яшаш манзили бўйича ДЙҲХХнинг ҳудудий Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)ларига мурожаат этиш керак. Эски ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда ариза, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони, ҳайдовчининг имтиҳон варақаси ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини берган ҳудудий ЙҲХБ тасдиқномаси, тиббий маълумотнома ҳамда фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади. Транспорт воситаларини охирги 12 ой давомида бошқарган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади. Қуйидагилар транспорт воситаларини 12 ой мобайнида бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб ҳисобланиши мумкин: - ишлаётган ҳайдовчилар учун меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки ишлаётган жойида унга бириктирилган автотранспорт тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма); - шахсий транспорт ҳайдовчилари учун уларга тегишли бўлган транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси; - ишончнома ёки ижара шартномаси билан автомобиль бошқарган шахслар учун автомобиль рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси. Транспорт воситасини охирги 12 ой давомида бошқармаган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳон топширганларидан сўнг алмаштирилади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Назарий ва амалий имтиҳон топширилганда ҳар бир имтихон учун энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. 

Терговга қадар текширув ва дастлабки тергов ўтказиш муддатларини кўрсатинг.

 

Жиноятлар тўғрисидаги ариза ва маълумотлар дарҳол рўйхатга олиниши ва ҳал қилиниши, зарур ҳолларда ўн кундан кечиктирмаган ҳолда жиноят ишини қўзғатишга баҳонанинг қонунийлиги ва асосларнинг етарлилигини текшириш керак. Мазкур муддат қуйидаги ҳолларда прокурор томонидан бир ойгача чўзилиши мумкин: 1)     агар амалга оширилиши узоқ муддатни талаб қилувчи экспертиза, хизмат текширувчи, ҳужжатли тафтиш ёки бошқа турдаги текширув тайинланган бўлса; 2)   агар узоқ жойда яшайдиган ёки чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларнинг тушунтиришларини талаб қилиб олиш зарур бўлса; 3)    ишда янги ҳолатлар юзага келган бўлиб, уларни қўшимча равишда текширмасдан қарор қабул қилиш мумкин бўлмаса. Дастлабки тергов жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб, уч ойгача бўлган муддат ичида тугалланиши керак. Уч ойлик дастлабки тергов муддати Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят прокурори, Тошкент шаҳар прокурори ва унга тенглаштирилган прокурорлар томонидан беш ойгача узайтирилиши мумкин. Дастлабки терговни кейинчалик узайтириш фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан етти ойгача ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тўққиз ойгача узайтирилиши мумкин. Алоҳида ҳолатларда содир этилган жиноятнинг оғирлиги ва тергов қилинаётган ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда дастлабки тергов муддати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан бир йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.